Инсоният ҳаёт кечириши учун ўсимликлар дунёси муҳим аҳамиятга эгадир. Ўсимликлар инсонлар учун керакли озиқ-овқат, дори-дармон ишлатилиши йиллар оша такомиллашиб бормоқда.
Ўсимликлар устидан олиб борилаётган илмий изланишлар натижасида, одам организми учун уларнинг фойдали ва зарарли томонлари ҳам борлиги маълумдир.
Беқиёс ўлкамизда баҳор мавсуми келиб, кунлар исиб ёғингарчилик кўпайиши билан, табиятда учрайдиган кўпгина ёввойи қўзиқоринларни ўсишига қулай шароит вужудга келади. Бу эса, қўзиқорин истеъмол қилишни ёқтирадиган инсонлар учун қулай фурсат ҳисобланади.
Кўча-кўйларда, катта автомагистрал кўчаларда номаълум шахслар томонидан истеъмол қилиниши мумкин бўлган ва истеъмолга яроқсиз заҳарли қўзиқоринларни сотиш ҳолатлари кузатилади.
Истеъмол қилиш мумкин бўлган ва заҳарли қўзиқоринларни ажратиш жуда мураккаб. Кўп ҳолларда улар бир-бирига ўхшаб кетади. Истеъмолга яроқли қўзиқоринларга оқ қўзиқуйруқ, кўк оёқ (синий ножка), қўзиқорин (сморчок), шампиньон ва опёнок киради. Заҳарли қўзиқоринларга: лепиота туркумининг аксарият вакиллари, қизил мухамор, кулранг мухамор, оқ мухамор, сатанин, қурбақа салла, сариқ сохта қўзиқорин ва бошқалар киради.
Ёввойи холда ўсадиган қўзиқоринларни аҳоли учун ҳавфли томони, уларга термик ишлов берилганда, яъни қайнатилганда, қовурилганда таркибидаги заҳарли моддалари парчаланмаслиги ва зарарсизланмаслиги мумкин, натижада инсон қузиқориндан заҳарланиб қолади.
Автомагистрал йўл ёқалари, заҳарли оғулар ҳамда кимёвий моддалар сақланадиган омборхоналарнинг теварак-атрофларида ўсадиган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиш мумкин. Чунки автомабиллардан чиқадиган ис-газлар ва заҳарли моддаларни қўзиқоринлар мочалкага ўхшаб, ўз таркибига сингдириб олади ва бундай ҳолатларда истеъмолга яроқли бўлган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиб қолиш мумкин.
Тузланган ёки мариновка қилинган қўзиқоринларни рухланган идишларда сақлаганда ҳам заҳарланиш рўй бериши мумкин. Сморчок ва строчок қўзиқоринлари нотўғри тайёрлаганда ҳам заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин.
Қўзиқориндан заҳарланган вақтда касаллик белгилари истеъмол қилинган қўзиқориннинг турига қараб, 20 дақиқадан бир неча соатгача чўзилиши мумкин. Масалан: қизил мухамор таркибида мускаридин ва мускарин алкалоидалари мавжуд. Қизил мухамордан заҳарланганда касаллик белгилар 1-2 соат ўтгач намоён бўлади. Асаб тизими фаолиятида ўзгаришлар, бу айниқса, заҳарланиш учун ҳарактерли белгилари ҳисобланади. Бундан ташқари сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши, кўнгил айниши, қоринда оғриқ бўлиши ва қайд қилиш кузатилади. Томир уриши (пульс) секинлашади ва сустлашади, алахсираш (галюцинация), титраш кузатилади, беморларда айниқса, кўз қорачиғининг кенгайиши (мускаридин)нинг ёки уларнинг торайиши (мускарин)нинг таъсири натижасида кузатилади. Беморларга тез тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-2 кундан кейин соғайиб кетади. Ўз вақтида даво чоралари кўрилмаган вақтларда беморнинг аҳволи оғирлашиб, ёхуд ўлим билан тугаши ҳам мумкин.
Бундай ноҳуш ҳолатларни кузатилмаслиги учун далаларда, ариқ бўйларида ўсган ҳар хил қўзиқоринларни истеъмолга яроқли ва яроқсизлигини билмасдан териш ва истеъмол қилиш тақиқланади. Шунингдек, ҳар бир шахс адабиётлардан ва шу мавзудаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда, истеъмолга яроқли ва заҳарли қўзиқоринларни ажратиб олишни ўрганиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Бозорлардан ва бошқа савдо шахобчаларидан қўзиқорин сотиб олмоқчи бўлсангиз албатта сифати ва ҳавфсизлигини тасдиқловчи хужжатни (мувофиқлик ва гигиеник сертификатлари ҳамда ветеринария-санитария лаборатория мутахассислари томонидан бериладиган маълумотномани) сўрашни унутманг. Акс холда ўзингиз ва яқинларингизни хаётини ҳавф остида қолдиришингиз мумкун.
Инсон ўзини ва яқинларини саломатлигини сақлаш учун ҳар бир инсон ўзи масъул эканлигини унутманг….