Перинатал марказлар оддий туғуруқхоналардан нимаси билан фарқланади?

Республика перинатал маркази перинаталогия, неонатология ва неонатал хирургия йўналиши бўйича мамлакатимиздаги энг илғор тиббиёт муассасаларидан биридир. Бу ерда нафақат даволаш-профилактика ишлари, балки илмий-услубий фаолият ҳам олиб борилади.

Бироқ кўпчилик ушбу марказни шунчаки туғруқхона, деб ўйлайди. Аслида ундай эмас.

— Перинатал марказ оддий туғруқхонадан тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиш даражаси, тиббиёт ходимларининг юксак малака ва кўникмаси ҳамда оғир даражадаги туғруқлар оқими юқорилиги билан ажратилиб туради, — дейди Республика перинатал маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Нилуфар Ўринбоева. — Муассасамиз 165 шифо ўрнига эга. Бу ерда 6 нафар фан доктори, 18 нафар фан номзоди ва 27 нафар олий тоифали шифокор фаолият юритиб келмоқда. Аксарият ходимларимиз жаҳоннинг илғор мамлакатларида малака ошириб қайтишган.

Марказда юқори хавфли перинатал асоратлари бўлган ҳомиладор ва туққан аёллар ҳамда янги дунёга келган чақалоқларга учун юқори технологияли, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, муддатидан аввал туғилган гўдаклар учун ихтисослаштирилган реанимацион ва интенсив хизматлар ташкил этилади.

Кам вазнли чақалоқларни парвариш ва реабилитация қилиш, ҳомилада туғма нуқсони бўлган аёлларни чуқур антенатал текширувлардан ўтказиш, туғуруқ вақти ва усули режасини ишлаб чиқиш ҳамда уни самарали ташкил этиш каби вазифалар ҳам муассаса зиммасидаги вазифалар сирасидан.

Таҳлилларга кўра, юртимизда йилига ўрта ҳисобда 900 минг нафар атрофида чақалоқ дунёга келади. Улар орасидаги муддатидан олдинги туғуруқлар, асосан, перинатал марказларда амалга оширилади.

Чунки эрта дунёга келган чақалоқлар вазни анча кичик бўлади. Улар 2 минг граммгача, ҳатто минг граммгача бўлиб, бу перинатал ўзгаришлар хавфини кучайтиради.

Марказда замонавий перинатал технологияларни қўллаш ҳомиладор аёллардаги муаммоларни асоратсиз даволаш имконини беради.

Муассасанинг неонатал реанимация ва анестезиология бўлими нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда ўз салоҳияти билан машҳур. Бу ерда муддатидан олдин туғилган ва хирургик касалликлари бўлган чақалоқларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатилади.

Гинекология бўлимида эса юқори технологик операциялар орқали аёллар соғлиги тез ва самарали тикланмоқда. Лапароскопик гистерэктомия, лапароскопик миомэктомия, бачадон бўйнини сакроспинал мустаҳкамлаш амалиёти, лапароскопик промонтопексия, пектопексия, Берч жарроҳлик амалиёти, турли слинг операциялари (TVT-O) шулар жумласидан.

Бундан ташқари, оналар ва болалар соғлигини янада яхшилаш, ҳомиланинг тўғри ривожланишини назорат қилиб бориш, нуқсонлар аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш мақсадида Республика перинатал маркази қошида Консультатив диагностика поликлиникаси фаолияти ҳам йўлга қўйилган.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.