🔎 Ош тузи йодланган бўлиши шарт! Бу талаб дунёнинг кўплаб мамлакатларида амалда. Чунки инсониятнинг шундай чора-тадбирларга эҳтиёжи катта. ЖССТ маълумотларига кўра, Ер юзи аҳолисининг учдан бир қисми табиий йод танқис бўлган шароитда яшайди. Уларнинг 31 фоизи мактаб ёшидаги болалар.
Дилором Турсунова,
тиббиёт фанлари доктори:
♻️ — Бу глобал муаммонинг самарали ва арзон ечими сифатида ош тузини йодлаш амалиётидан кенг фойдаланилмоқда. Негаки, танада ушбу модданинг камайиши эндемик буқоқ, ақлий заифлик, перинатал ва чақалоқлар ўлимининг кўпайишига сабаб бўлади.
🩺 Бундан ташқари, йод танқислиги туғма касалликлар даражасини оширади, ҳомила ва чақалоқларда миянинг қайтарилмас шикастланиши, интеллектуал салоҳиятнинг пасайишига ҳам олиб келади.
🥦 Организм учун зарур миқдордаги йодни турли денгиз маҳсулотларини истеъмол қилиш йўли билан олиш ҳам мумкин. Бироқ кўплаб минтақалар, хусусан, Марказий Осиёда ҳам бундай неъматлар сероб эмас.
📋 Шу сабабдан мамлакатимизда “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Унда давлат стандарти талабларига кўра, ош тузи таркибида йод миқдори тоннасига 40 грамм миқдорда бўлиши белгиланган.
🧂 Сифатли ош тузининг қадоғида қуйидагилар акс этган бўлиши керак:
✅ ишлаб чиқарган ташкилот номи;
✅ товар белгиси ва маҳсулот номи;
✅ унинг нави ва янчилиш даражаси;
✅ ишлаб чиқарилган санаси,
✅ норматив ҳужжат номи,
✅ яроқлилик муддати,
✅ йодлаш қўшимчаси номи ҳамда бошқа бир қатор маълумотлар.
🌡 Ош тузларининг сақланиш ҳарорати 28 даражадан ошмаслиги лозим.
🚫 Қотиб қолган, нам тортган, бегона ҳидларга эга, яроқлилик муддати ўтган, қадоқлари бузилган ош тузларининг фойдали хусусиятлари йўқолган бўлади. Бундай маҳсулотларни истеъмол қилмаслик тавсия қилинади.
‼️ Эслатиб ўтамиз, ош тузи — инсон танасига натрий етказиб берувчи ягона озуқавий модда. У организмда қон айланиши ва қон босимини бошқариш, асаб тизими ҳамда мушаклар орасидаги узвий алоқани таъминлайди. Бироқ ЖССТ организмдаги моддалар алмашинувини меъёрлаштириш учун кунлик йодланган ош тузи истеъмолини бир чой қошиқ — 5 граммдан оширмасликни тавсия қилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбоут хизмати.