Анофелис — безгак тарқатувчи ҳашарот

Безгак дунёнинг 100 дан ортиқ давлатлари аҳолисининг соғлигига хавф туғдирмоқда. ЖССТ нинг маълумотига кўра, дунё бўйича ҳар йили 200 млн.дан ортиқ одам безгак дардига  чалиниб, 800 мингдан ортиқ киши нобуд бўлади. Шу боис, 2007 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) қарори билан  25-апрел Умумжаҳон безгакка қарши курашиш  куни деб эълон қилинган.

Безгак ўткир юқумли касаллик бўлиб, анофелес (безгак чивинлари) чивини чақиши орқали юқади. Қалтираш, тана харорати кўтарилиши, талоқ ва жигарни катталашиши ҳамда камқонлик аломатлари пайдо бўлиши билан характерланади.

Касалликнинг асосий манбаи безгак билан оғриган одам ҳисобланади. Касалликни чивинлар тарқатади. Чивинлар одам қони билан озиқланади. Паразитлар чивин танасида кўпаяди. Биргина безгак паразитидан бир неча минглаб, паразитлар ҳосил бўлади. Паразитларнинг анчагина қисми чивиннинг сўлак безларида йиғилади. Чивин чаққанда, унинг сўлагидан  паразитлар қонга ўтади, шу тариқа касаллик бошқаларга юқади.

Шунингдек, касаллик ҳомиладор онадан болага йулдош орқали ёки безгак билан оғриётган одамнинг қонини соғлом одамга қуйиш орқали хам юқиши мумкин. Безгак паразитини ташувчи чивинлар иссиқ  иқлимли ўлкаларда кўл,  ҳовуз, қамишзор, зовурлар, сув омборлари  ҳамда шоли экиладиган майдонларда кўпаяди.  Шунинг учун бу касаллик баҳор, ёз ва куз ойларида кўпроқ  учрайди. Чивин одам қонини сўраётганида унинг сўлагидаги бир неча минглаб паразитлар қонга ўтади. Бу паразитларнинг дастлабки ўлжаси жигар ҳужайраларидир. Жигар ҳужайраларида паразитлар кўпаяди. Паразитлар эритроцидларни емиради, эритроцидларни камайиши  натижада камқонлик юзага келади.

Касалликда   3 та давр кузатилади.

1.Эт увишиб, қалтираш даври. Бунда бемор совуқ қотади, эти увишади, қаттиқ қалтирайди. Қалин ўраниб ётишга ҳаракат қилади. Беморнинг боши қаттиқ огрийди. Бу давр 0,5-соат давом этади.

  1. Иситма чиқиш даври. Беморнинг тана харорати 38-41 оС гача кўтарилади. Болаларда тиришиш бўлиши мумкин. Бу давр 3-6 соат давом этади.

3.Терлаш даври. Бемор қаттик терлайди. Бу даврда беморнинг иситмаси тушади, аҳволи енгиллашади.

Безгак хуружи ҳар 2 кунда такрорланиб туради. Ўз вақтида даво чоралар кўрилмаса,  касаллик 1-3 ойгача давом этади. Бемор хуружи секин аста камайиб боради, бу билан бемор бутунлай соғайиб кетди деб бўлмайди. Қонда паразитлар сақланиб қолиши натижасида бемор паразит ташувчи бўлиб ҳисобланади. Паразит ташувчи фойдаланган шприцни қайта ишлатиш ҳамда, паразит ташувчи одамни қонини бошқа  одамга қўйиш билан касалликни бошқа одамга юқтириши мумкин. Касаллик кичик ёшдаги болаларда оғир кечади. Ўз вақтида даво чоралари кўрилмаса, касаллик қуйидаги асоратларга олиб келади. Касаллик кома ҳолатига  олиб келиши мумкин, буйрак етишмовчилигига, марказий нерв системаси зарарланишига, камқонликни ривожланишига олиб келиши мумкин. Ҳомиладор аёлларда безгак жуда оғир  кечади. Бу касаллик ҳомилани тушишига, болани вақтидан олдин туғилишига, боланинг ўлик туғилишига, боланинг жуда кичик вазн билан ўта нимжон туғилишига олиб келади. Ушбу касалликни олдини олишга қаратилган  барча чора-тадбирлар энг асосийларидан бири безгак касаллигини тарқатувчи чивинларга қарши курашиш ҳисобланади. Безгак чивинлари уруғ қўймаслиги учун сув  тўпланган кўлмаклар ва ботқоқликлар қуритилиши керак. Яшаш жойларга яқин кўл, зовур, ҳашаротларга қарши воситалар (инсектицидлар) ёрдамида зарарсизлантирилиши мақсадга мувофикдир. Етилган чивинлар топилган иморатларнинг ертўлалари хам чивинларни ўлдирувчи воситалар (инсектицидлар) ёрдамида  зарарсизлантирилиши  лозим. Барча одамлар, айникса гўдак, бола ва ҳомиладор аёлларни чивинлар кўпаядиган паллада, яъни қуёш ботиши ва чикиши оралиғида чивинлар чақишидан ҳимоя килиниши зарур. Улар пашшахоналар  ичида ухлаши керак.

Чивинларни уйга кирмаслиги учун яшаш хоналарининг дераза, эшикларига, тўр парда дока ёки ячейкалари 2 миллиметрдан кам бўлмаган синтетик тўр тутинг. Уйга  кириб келган чивинларни йўқотиш жуда қийин. Улар қоронғи жойларга яшириниб олади.   Чивинларни ҳашаротларга  қарши махсус аэрозоллар ёрдамида ҳам йўқотиш мумкин. Бу аэрозоллардан фойдаланилганда кўрсатмасига қатъий амал қилинг.  Хонадан ташқари ҳолатларда эса, баданнинг очиқ  жойини қолдирмай кийинишга ҳаракат қилинг.

Тананинг очиқ  жойига сода эритмаси (бир стакан сувга, бир чой қошиқ сода)ни бир неча  бор артиб туринг. Сода эритмасини, шунингдек атирларни чивин «ёқтирмайди». Шунингдек ҳозирги кунга чивинга қарши замонавий воситалар мавжуд.

Агар эт увишиши, титраш, қақшаш, тана харорати 39 оС дан ошиш ҳолатлари кузатилса, зудлик билан шифокорга  мурожаат қилиш зарур. Агар безгак тарқалган ўчоқларида бўлган бўлсангиз, бу хақида  шифокорга албатта айтинг.